АрМИ – 2019. Маданият фестивалида ўзбек куй-қўшиқлари янгради

70

Бешинчи халқаро армия ўйинларида иштирокчи давлатлар нафақат ҳарбий, балки маданий-маърифий, маънавий-ижтимоий йўналишларда ҳам ўз истеъдодларини намойиш этмоқда.

“Патриот” паркида бўлиб ўтган фестиваль бунга яққол мисол бўла олади. Унда турли халқ ва миллатларнинг мусиқали чиқишлари томошабинлар томонидан қизғин кутиб олиниб, миллатлар тотувлигига хизмат қилаётир.

Мазкур фестивалда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган санъат усталари ҳам ҳакамлар ҳайъати ва кўп сонли томошабинлар томонидан илиқ кутиб олиниб, улар олқишига сазовор бўлди. Саҳнада ўзбек миллий куй ва қўшиқларини маҳорат билан ижро этган вакилларимиз айниқса, мезбон ва меҳмон юрт иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбек халқи азалдан ўзининг бой маданий мероси билан дунё тамаддунига катта ҳисса қўшиб келган. Ушбу фестивалнинг файзида ҳам, албатта, юртдошларимизнинг ҳиссаси каттадир. Бу шубҳасиз ўзбек халқининг тарихи минг йилликлардан сўралишига далилдир.

– Биз бу йилги халқаро армия ўйинларининг “РЕМБАТ” мусобақасида иштирок этиб, фахрли 2-ўринни қўлга киритдик ва Алабино дала-ўқув майдонида биринчилик сари курашаётган юртдошларимизни бир кунга бўлса-да қўллаб-қувватлаш учун етиб келдик, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Шоҳрух Ҳакимов. – “Патриот” паркидаги фестивалга ташриф буюриб, дунё ареналарида янграётган ўзбек куй-қўшиқларини тинглаб, кўнглимиз фахрга тўлди. Тўғриси, бу бошқача таъсир этаркан одамга. Юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган бошқа жамоадошларимизга ҳам омад ёр бўлишини тилаймиз.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти