Ўзбекистонлик разведкачилар “АрМИ – 2019” мусобақасининг тўртинчи босқичини бошлади

3

Ҳиндистоннинг Ражастхон штати Жайсалмер шаҳри яқинидаги дала-ўқув майдонида бўлиб ўтаётган “Қўшин разведкаси аълочилари – 2019” мусобақасининг тўртинчи босқичи – нишонларга ўқ отиш давомида ўзбек разведкачилари штатдаги қуроллардан якка тартибда ўқ отиш машқини аъло даражада бажаришди.

Якка тартибда ўқ отиш машқилари якунига кўра, гуруҳ разведкачи-снайпери шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Азамат Хайдаров ва ўқчи-разведкачи шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Асадулло Хабибуллаев ўз мерганлик маҳоратларини кўрсатиб, жамоамизни юқори натижаларга етаклашмоқда.

Отиш машқлари Макаров пистолети, АК-74 Калашников автомати, РПК-74 пулемёти, мерганлик милтиғи ва танкка қарши қўл гранатомётидан амалга оширилди.

Шунингдек, ушбу босқичда мусобақа иштирокчилари разведка гуруҳи таркибида жанговар ўқ отиш, пичоқ, пиёдалар куракчаси ва ўқув гранатасини аниқ ва белгиланган вақтга турли масофадаги нишонларга қарата отиш машқларини бажаришади.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти