АрМИ – 2019. “Ҳарбий-тиббий эстафета”: Ватандошларимиз ТАЙФУН-К ҳарбий техникасини тез ва аниқ бошқарди

66

10 август куни “Фориш” тоғ полигонида V “Халқаро армия ўйинлари – 2019” доирасиида қизғин беллашувларни тақозо этаётган “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловида 11 мамлакат шаънини ҳимоя қилган механик-ҳайдовчилар ТАЙФУН-К ҳарбий техникасини ҳайдаш шарти бўйича маҳоратини намойиш этди.

Унда ҳар бир давлатдан икки нафардан механик-ҳайдовчи стартдан финишгача бўлган ҳаракат давомида механик-ҳайдовчилар – Тўсиқларни енгиб ўтишда: “Тўғридан-тўғри чекланган ўтиш”, “Тор кўприк андозаси”, “Нишабликда тўхташ жойи”, “Миналаштирилган ҳудуд”, “Манёвр тўсиқлари майдони”, “Устунлар орасидан ўтиш”, “Танкка қарши тўсиқдан ўтиш” каби мураккаб 7 та тўсиққа дуч келди.

Ҳар бир тўсиқдан ўтиш жараёнини ҳакамлар шахсий таркиби аъзолари назорат қилиб турди.

Тезкорлик ва аниқлик талаб этиладиган ушбу шартда Ўзбекистон байроғи остида баҳсларга киришган ҳарбий хизматчиларимиз машғулотларда тобланганини кўрсатди.

Ушбу шарт натижаларига кўра, ўзбекистонлик иштирокчилар – шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар, оддий аскарлар – Хайрулло Олимов (633 балл) ва Баҳодир Атахонов (594 балл) биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллади. Учинчи ўринга қозоғистонлик иштирокчи ефрейтор Ерлан Жыгелдиев (518 балл) сазавор бўлди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти