Шарқий ҳарбий округ ҳарбий қисмларидан бирида ўтказилган жанговар шайлик тадбирлари муваффақиятли якунланди

3

Аввал хабар берганимиздек, Шарқий ҳарбий округ ҳарбий қисмларидан бирида бошланган жанговар шайликни текшириш ишлари якунланди.

Ҳарбий топография, умумий тактика, алоқа тайёргарлиги…

Қайси йўналишни олманг малакали мутахассислар топшириқни бажаришга енг шимариб киришган.

Ватан ҳимоячилари ўзларининг нақадар тобланганлик даражасини намойиш қилиб, юқори натижаларни кўрсатдилар. Юксак марралар эса осонликча забт этилмайди. Машғулотлар давомида шахсий таркиб ҳамда ҳарбий техникаларнинг жанговар шайлиги текширилди. Унда ҳарбий хизматчиларнинг ташқи кўринишидан тортиб қурол-аслаҳалари, сафар анжомларигача, жанговар техника ва ҳарбий автомобиллар созлиги, техник носозлик юзага келганда уни бартараф этишда керак бўладиган захира ускуналар бутлигигача эътибордан четда қолмади. Ҳарбий хизматчиларнинг назарий ва амалий билимлари текширилиб, ҳарбий топография, жисмоний, тактик ва махсус тайёргарлик, ўқотар ва гуруҳ таркибидаги қуроллардан нишонларга ўқ отиш бўйича кўникмалари синовдан ўтказилди.

Шайликни текшириш давомида жанговар машиналар назорат кўригидан ўтказилиб, шай ҳолатга келтирилди. Ёнилғи ва мой миқдори, совутгич суюқлиги, двигатель ишлаш ҳолати, қурол-аслаҳалари, ўқ-дориларигача бирма-бир кўздан кечирилди.

“Қуроллар сақлагичга қўйилсин. Ўқ отиш истеҳкомлари алмаштирилсин. Майдонни кузатамиз. Қуроллар кўрикка”. Бу каби сўзлар ҳарбий хизматчилар 2-назорат ўқ отиш машқини бажариш чоғида жаранглаб турди. Жанговар шайликни текширув давомида отиш тайёргарлигидан батальон тактик гуруҳи шахсий таркибининг ўқ отиш машқлари синовини Қуролли Кучлар Бош штаби жанговар тайёргарлик бош бошқармаси масъул офицерлари кузатиб ва баҳолаб бордилар.

Машғулотлар мобайнида ҳарбий техникалар колоннаси “Ғурумсарой” дала-ўқув майдонида ўз позициясини эгаллади. Бу фурсат ҳарбий хизматчилар учун эгаллаган тажриба ва кўникмаларини амалиётда яна бир бор синаб кўриш, жанговар шай, тажрибага бой эканликларини кўрсатиш имкониятини берди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти