Ҳарбий хизматчиларга уй-жой билан боғлиқ бўлган яна бир имконият

558

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Акциадорлик тижорат банки «Қишлоқ қурилиш банк» ўртасида ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга доир келишув имзоланди.

Таъкидлаш жоизки, охирги йилларда масъулиятли ва шарафли бурчларини сидқидилдан бажариб келаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, яшаш ва хизмат вазифаларини ўташлари учун муносиб ва хавфсиз шарт-шароитларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Амалга оширилаётган ўзгаришлар сабаб, ҳарбий хизматчилар оилалари замонавий, сифатли, шинам уй-жой билан таъминланиб, турмуш даражаси яхшиланмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, уй-жой билан таъминланган ҳарбий хизматчилар хизмат фаолиятини давом эттириш учун бошқа ҳарбий округ (гарнизон)га юборилганида уй-жой ижараси тўловлари билан боғлиқ айрим муаммолар учраб келмоқда. Ушбу муаммолар асосан бошқа ҳарбий округдан ижарага олинган уй-жой учун ижара тўлаш ҳамда наъмунали уй-жойлар учун тижорат банклари ажратган узоқ муддатли ипотека кредити маблағларини қайтариш жараёнида юзага чиқмоқда.

Ҳарбий хизматчиларда уй-жой ижараси тўловлари билан боғлиқ бўлган ушбу муаммолар бугунги кунда ўз ечимини топди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, «Гаров тўғрисида»ги ва «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига асосланган ҳолда, Мудофаа вазирлиги ва Акциадорлик тижорат банки «Қишлоқ қурилиш банк» талабига кўра Мудофаа вазирлиги томонидан узоқ муддатли ипотека кредити асосида наъмунали уй-жойлар билан таъминланган, бироқ касб тақозосига кўра хизмат фаолиятини бошқа округда давом эттираётган ҳарбий хизматчилар эндиликда уй-жойини учинчи шахсга вақтинча ижарага бериш имкониятига эга бўлди. Бунда Акциадорлик тижорат банки «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан кредит шартномасида белгиланган асосий қарз ва унга ҳисобланиб келинаётган фоизлар бўйича тўловларни ўз вақтида амалга ошириб келинаётгани инобатга олинади. Уй-жойни ижарага ёки вақтинча текин фойдаланишга бериш қатъий равишда нотариал тартибда тузилган ижара ёки текин фойдаланиш шартномаси асосида амалга оширилади.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати