Ўзбекистонлик ҳарбий альпинистлар Ўрта Осиёдаги энг баланд чўққини забт этиб, халқаро мусобақада 1-ўринни қўлга киритди

79

Аввал хабар берганимиздек, Иккинчи жаҳон урушининг 75 йиллигига бағишлаб Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига  (МДҲ) аъзо мамлакатларнинг ҳарбий хизматчи-спортчилари ўртасида Қирғизистон Республикасининг Чон-Олой водийсидаги баландлиги 7134 метр бўлган Абу Али ибн Сино (Ленин чўққиси) чўққисини забт этиш бўйича халқаро учрашув-мусобақа ташкил этилган эди.

Бундан кўзланган мақсад, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, тоққа чиқиш ва чўққига кўтарилиш бўйича тажриба алмашиш, қўшинларда альпинизм ва мазкур спорт турини ривожлантириш ҳамда оммалаштириш, Ўзбекистон Қуролли Кучлари нуфузини, қудратини ва жанговар қобилиятини Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ўртасида намойиш қилиш кабилардан иборатдир.

Унда Ўзбекистон, Россия, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан келган жамоалар иштирок этишди. Чўққига кўтарилиш қирғиз томони ташаббуси билан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ҳарбий хизматчи-спортчилари халқаро учрашуви шаклида ўтди.

Икки кунлик мослашувдан сўнг ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилардан иборат гуруҳ йўналиш бўйича ҳаракатини бошлади. Уларга Қирғизистондан икки нафар ҳарбий хизматчи ҳам қўшилди. Жамоанинг барча аъзолари альпинизм бўйича камида 2-тоифа ва 4Б қийинчилик тоифаси бўйича йўналишга чиқиш ҳуқуқига эга.

Машаққатли йўллар, баландлик ва сойлар ортда қолдирилиб, жамоа аъзолари кўзланган манзилга етиб келишди. Иштирокчилар орасидан чўққига биринчилардан бўлиб етиб келган Ўзбекистон жамоаси 7134 метр баландликдаги Абу Али ибн Сино чўққисига Ватанимиз байроғини қадашди.

Якуний натижаларга кўра, дўстона руҳда ўтган мусобақада Ўзбекистон ҳарбийлар жамоаси 1-ўринга сазавор бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринларни россиялик ҳамда қирғизистонлик ҳарбийлар қўлга киритишди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти