Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари Зарафшон ва Учқудуқда маданий-маърифий тадбирлар ўтказди

20

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов жорий йилнинг июль ойида Марказий ҳарбий округда, хусусан Навоий вилоятидаги сайёр қабуллар жараёнида Учқудуқ ва Зарафшон шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмларда маданий хордиқ тадбирларини ташкиллаштириш бўйича вазифалар белгилаб берган эди.

Ана шу вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий хизматчилари ва Махсус авария тиклаш бошқармасининг “Импульс” вокал интструментал ансамбли томонидан Зарафшон ва Учқудуқ шаҳарларида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари, қўриқланаётган объектларнинг ишчи-ходимлари ҳамда шаҳар аҳолиси учун маданият марказида, қўриқланаётган объектлар ҳудуди ва сайлгоҳларда концерт дастурлари ташкил этилди.

Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати бошлиғи капитан Фарида Бобожонова хабар берди.

Шунингдек, Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги қўшилмалари ўртасида Навоий шаҳрининг “Фарҳод” маданият саройида ўтказилган “Қувноқлар ва зукколар”  беллашувида Тошкент, Фарғона, Навоий, Қарши шаҳарлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан келган 5 та жамоа иштирок этди.

“Ҳазил хизматимизда ёрдам беради” номли беллашувда 4 та шарт доирасида жамоаларнинг ҳазил-мутойибага бой чиқишлари томошабинларга хуш кайфият бағишлади. Иштирокчилар турли саҳна кўринишлари орқали хизмат жараёнларидаги ҳар хил ҳолатлар, баъзи ўринларда эса камчиликларни ҳам юмор асосида кўрсатиб беришга ҳаракат қилдилар.

Беллашув натижаларга кўра, Навоий вилоятидан иштирок этган “Ажралсакда биргамиз” жамоаси фахрли 1-ўринга муносиб топилди.

Ўтказилган бу каби тадбирлар армия ва халқ якдиллигини таъминлаб, барчага хуш кайфият бағишлаб, шаҳар аҳолисининг маданий ҳордиғини самарали ташкил этишга хизмат қилди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти