АрМИ – 2019. Ўзбекистонлик ҳарбий ошпазлар ярим финалда

32

Россия Федерациясининг Москва вилоятидаги “Алабино” дала-ўқув майдонида бешинчи халқаро армия ўйинлари доирасида “Дала ошхонаси” мусобақаси ҳам бўлиб ўтмоқда. Мазкур мусобақада иштирок этаётган ўзбек ҳарбий ошпазлари ўз маҳоратларини намойиш этиб, ғолиблик сари одимлашяпти.

Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Шри-Ланка, Вьетнам, Мўғулистон ҳамда Жанубий Африка Республикаларининг жамоалари иштирок этаётган ушбу мусобақа ўзининг қизиқарли баҳсларига кириб, тажрибали ошпазлар маҳорати жамоаларга навбатдаги балларни келтирди. Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар еттинчи қаторда жойлашган дала ошхонасида ўз маҳоратларини намойиш этмоқда.

Дастлаб ҳарбий ошпазларимиз миллий таомлар кўргазмасида иштирок этди. Унда қатор ўзбек миллий таомлари дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатидан келган меҳмонларга тортиқ этилди. Эътиборлиси шундаки, тайёрланган миллий таомлар масаллиқлари айнан Ўзбекистондан келтирилган.

Ҳарбий ошпазларимиз иккинчи босқичда пишириқ пишириш ва компот тайёрлаш шартини муваффақиятли бажариб, ярим финалга йўл олди. Ҳали олдинда белгиланган таомнома бўйича овқат тайёрлаш ва нон пишириш шартлари турибди. Ишонамизки, вакилларимиз ушбу шартларни ҳам кўнгилдагидек адо этиб, ғолиблар сафидан жой олади.

Эслатиб ўтамиз, ҳарбий ошпазларимиз 2018 йилда ҳам мазкур мусобақада иштирок этиб, ўзбек миллий таомларини тайёрлаш бўйича ўз маҳоратларини намойиш этган эди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти