Қуролли Кучлар академияси малака ошириш факультетида навбатдаги битирув  бўлиб ўтди

4

Қуролли Кучлар академиясида офицерлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш факультетининг навбатдаги битирувчиларига сертификат ва кўкрак нишонларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда олий ҳарбий таълим муассасаси раҳбарияти, факультет шахсий таркиби иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ватанимиз мудофаа салоҳиятининг юксалиши мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳисси юқори, кенг билим ва тафаккурга эга ҳарбий хизматчиларнинг фаолиятига боғлиқ эканини таъкидлаб, битирувчиларни қутладилар.

– Бу ерда олган сабоқларимизни, эгаллаган билимларимизни Ватанимизни ишончли ҳимоя қилиш ва Қуролли Кучларимиз жанговар қудратини янада юксалтиришга сарфлаймиз. Зеро, шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги давр биз, ҳарбий хизматчилардан юксак фикрлаш тарзини, кучли ирода ва бошқарувчанлик қобилиятини талаб қилмоқда, – дейди подполковник Шермат Ярашев. – Машғулотлар кўргазмали қурол ва воситалар ёрдамида, қолаверса, ўз соҳаси бўйича кўп йиллик тажрибага эга устоз офицерлар томонидан ўтилиши уларнинг қизиқарли, мазмунли ва энг муҳими, самарали бўлишига хизмат қилди.

Касбий билим ва маҳоратни ошиш, ўз хато ва камчиликлари устида ишлаш, ўқиб-изланиш ҳар бир офицер учун сув ва ҳаводек зарур. Ушбу талабни англаб етган, кўнгли масъулиятли касбидан, фахру ифтихор ҳиссидан озиқланувчи кишининг саъй-ҳаракатлари мақсадига монанд бўлади.

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти