Ўзбекистонлик кинологнинг рекорди Мудофаа вазирлиги жамоасига 3-ўринини тақдим этди   

4

Москва вилоятининг Дмитров шаҳрида Халқаро армия ўйинлари доирасидаги “Содиқ дўст” мусобақаси ўз ниҳоясига етди. Унда ҳамюртларимиз ишончли ҳаракат қилиб, умумжамоа ҳисобида фахрли учинчи ўринни қўлга киритди.

Ушбу мусобақада Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Жазоир Халқ Демократик Республикаси, Россия Федерациясининг аёллар ва ДОСААФ жамоалари биринчилик учун куч синашди.

Мазкур мусобақада вакилларимиз қуроллардан нишонни мўлжалга олиш, 300 метрли тўсиқли йўлакдан ўтиш, индивидуал пойга (Дог биатлон) ва 1600 метр масофага (Дог биатлон) эстафеда югуриш шартларида ўз маҳоратларини кўрсатишди.

Эътиборли жиҳати, 1600 метр масофага (Дог биатлон) эстафеда югуриш шартида Ўзбекистон номидан қатнашган шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Содиқ Дилмуродов ўзининг “Клифт” лақабли хизмат ити билан рекорд ўрнатди. Вакилимиз белгиланган масофани 5 дақиқаю 59 сонияда босиб ўтди.

“Содиқ дўст” мусобақаси тарихида ҳали бундай кўрсаткич бўлмаган. Шунингдек, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Элшод Абдуллаев жароҳат олишига қарамай, ўзининг метин иродасини намойиш этиб, жамоамиз ғалабасини таъминлашга катта ҳисса қўшди.

Эслатиб ўтамиз, яна бир кинологимиз катта лейтенант Шодиёр Шомуродов барча нишонларни яксон этиб, 130 баллни қўлга киртиб, энг юқори натижани қайд этган эди.

Якуний натижаларга кўра, “Содиқ дўст” мусобақасида Россия Федерацияси биринчи, Беларусь иккинчи, Ўзбекистон жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти