Қуролли Кучлар академиясида Президент қарорининг бир йиллик ҳисоботига бағишланган идоралараро комиссия  йиғилиши бўлиб ўтди

60

Президентимизнинг 2018 йил 4 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси қабул қилинган эди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида ўтказилган йиғилиш мазкур концепцияни амалга ошириш бўйича республика идоралараро комиссиясининг бир йиллик ҳисоботи таҳлилига бағишланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, «Маҳалла», «Нуроний» жамғармалари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши вакиллари, вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари иштирок этган тадбирда идоралараро комиссия фаолиятининг ютуқ ва камчиликлари сарҳисоб этилди.

– Ўтган йилнинг 6 август куни Мудофаа вазири раҳбарлигида республика идоралараро комиссиясининг йиғилиши ўтказилиб, комиссия аъзоларига аниқ вазифалар белгилаб берилган эди, – дейди Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов. – 2018 йилнинг 8-15 август кунлари вазирлигимиздан жойларга ишчи гуруҳини юбориб, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли қарорлари ишлаб чиқилди, ҳудудий идоралараро комиссиясининг таъсис йиғилишини ўтказдик. Ўтган бир йил мобайнида ҳарбий хизматга бўлган муносабат тубдан ўзгарди, ташаббус кўрсатиш, интеллектуал ва касбий маҳоратни оширишга интилиш кучайди.

Тарбиявий ва мафкуравий ишларнинг бой тарихимиз, миллий қадрият ва анъаналаримизга асосланган яхлит тизими яратилди. Хусусан, қўшинларда ҳарбий психолог ва етакчи социологлар институти армияда илк бор ташкил этилди, улар амалда ўзининг самарали фаолиятини бошлади. Бунда қатор давлат ва жамоат ташкилотларининг ўрни ва ҳиссаси катта. Шунингдек, ҳудудларда бу борада айрим камчиликлар кўзга ташланяпти.

Мудофаа вазирлигининг ишчи гуруҳи жорий йилнинг 15 июлидан 31 июлига қадар вилоят ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари раҳбарлигидаги ҳудудий идоралараро комиссиясилар фаолиятини атрофлича ўрганди.

Бугунги йиғилишда Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш ишларида эскича қолип ва андозалардан воз кечиш, фаолиятда тўсиқ бўлаётган омилларни ҳамжиҳатликда бартараф этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилиш якунида республика идоралараро комиссияси аъзоларига Мудофаа вазирлигининг «Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги иштироки учун» кўкрак нишони топширилди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти