Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги 40 нафарга яқин болажонларга 16 турдаги ўқув қуроллари совға қилди

61

Бугун, 9 август куни Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги томонидан яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити ва Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ кам таъминланган ва кўп болали оила фарзандларига совғалар улашилди.

Юқори қўмондонлик вакиллари томонидан 40 га яқин болажонларга 16 турдаги ўқув қуроллари билан тўлдирилган сўмка ва бадиий китоблар топширилди.

Тошкент ҳарбий округи маҳалла кесимида кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оила ва уларнинг фарзандлари билан турли маънавий-маърифий тадбирлар, экскурсиялар уюштириб келмоқда.

Бугунги тадбирда пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманига қарашли “Катта Қорасув”, “Шукур Бурхонов”, “Чимён” МФЙ раислари ҳамда ушбу маҳаллаларда истиқомат қилаётган ота-оналар фарзандлари билан иштирок этди.

– Ушбу муҳим ташаббуснинг бош мақсади кам таъминланган оила фарзандларини рағбатлантириш орқали билим олишга ундаш, – дейди “Катта Қорасув” маҳалласи раиси Наима Жабборова. – Тошкент ҳарбий округи билан бир неча йиллардан бери ҳамкорлик қиламиз. Қўмондонликнинг ушбу ташаббуси янги ўқув йили арафасида турган болажонларни бағоят хурсанд қилди. Ушбу навниҳоллар ўзларига берилган юксак эътиборни келгусида ўз билим ва ютуқлари билан, албатта, кўрсатишади.

Тадбирнинг бадиий қисмини Чирчиқ гарнизони маънавият ва маърифат маркази ансамбли жамоаси ўзининг куй-қўшиқлари билан очиб берган бўлса, “Навқирон” гуруҳи вакиллари ўз чиқишлари билан барчага табассум улашди. “Умид” рақс ансамбли томонидан ижро этилган рақслар эса рақсларга уланди.

Тошкент ҳарбий округи Матбуот хизмати