АрМИ – 2019. Фориш. “Ҳарбий-тиббий эстафета” – ҳамюртимиз тиббий хизмат капитани Бобожон Элмуродов рекорд ўрнатди!

4

“Фориш” тоғ полигонида V “Халқаро армия ўйинлари – 2019” доирасида бўлиб ўтаётган “Ҳарбий-тиббий эстафета” танлови қизғин паллага кирмоқда.

Бугун, 8 август куни жамоалар мазкур нуфузли мусобақанинг тиббий хизмат таркиби учун мажмуавий машқлар босқичида махсус тўсиқлардан ўтиш ва ўз маҳоратини намойиш этиш шарти бўйича куч синашди.

Аёллар ва эркаклар ўртасида кечган муросасиз баҳсларда иштирокчилар старт байроқчаси туширилгандан сўнг, граната улоқтирган кўйи туннел орқали тўсиқлар йўлагидан одимлаб, лабиринтли тўсиқдан ўтди. Шундан сўнг, Макаров пистолетини нотўлиқ қисмларга ажратиб, ҳар бири 20 килограм бўлган қутиларни махсус окоп ичидан туриб жойини кўчирди. Навбатдаги синовлар: БТР-80 остидан эмаклаш; қуролни тўлиқ қисмларга йиғиш; лабиринтли тўсиқдан ўтиш ва шарт майдончаси бўйлаб югуриб, шартли бемор манекенлари жойлаштирилган ҳудудга кириб боришдан иборат.

Тиббий хизмат ҳарбийлари ушбу ҳудудга елиб келгач, тиббиёт сумкасини олиб, йўлакчадаги учта шартли беморга ёрдам кўрсатди. Улар даставвал, коникотомия – шошилинч ҳолатларда нафас йўлинии тиклаш учун шартли бемор бўғзига найча қўйиш борасидаги маҳоратларини, сўнгра учинчи нуқтада кўкрак қафасли махсус манекеннинг плевра бўшлиғидаги сув ёки ҳавони чиқариб ташлаш ҳамда ўпка-юрак реанимациясида шартли беморга юрак ёпиқ массажи билан сунъий нафас бериш амалиётида тўплаган билимларини намойиш этди.

Мазкур шартнинг ҳар бир қисми иштирокичилардан юқори даражадаги аниқлик ва тезкорликни талаб этди.

Эркаклар ўртасида ҳамюртимиз тиббий хизмат капитан Бобожон Элмуродов  стартдан финишгача 4 дақиқаю 49 сония вақт сарфлаб, ушбу шарт бўйича рекорд ўрнатди! Россия вакили тиббий хизмат лейтенанти Андрей Малахов ва қозоғистонлик тиббий хизмат катта лейтенанти Нуржан Капезов кейинги поғонларни эгаллади.

Иштирокчилар “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловининг навбатдаги “Энг яхши ҳайдовчи” ва “Жамоавий биринчилик” шартлари бўйича мусобақалашади.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти