“Жануб ўғлонлари“ Қаршида беллашади

65

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисмдамиз. Эрта тонг. Йигитлик бурчини ўтаётган бир гуруҳ муддатли ҳарбий хизматчилар ўтирган автобус Чирчиқ – Самарқанд йўналиши бўйича ҳаракатланмоқда. Мақсад ­– аскарларнинг ота-оналарини ҳарбий қисм командирининг Ташаккурномаси билан тақдирлаш.

Исломбек Баҳромов муддатли ҳарбий хизматга Булунғур туманидан чақирилган. Бу воқеа унинг оиласида бир тантанага айланган бўлса, ҳарбий қисм офицерлари Исломбек ва унинг сафдошлари билан хонадонга ташриф буюргани галдаги шодиёнага сабаб бўлди.

Маҳалла оқсоқоли Муродилла бобо дуога қўл очиб, халқимизга тинчлик-барқарорлик, ҳарбийларга соғлик-омонлик, Юртбошимизга миннатдорлик тилади. Шундан сўнг автобус Самарқанд туманидаги Диёр маҳалласига йўл олди.

– Маҳалламизнинг номи халқимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида фидойилик кўрсатган ҳарбийлардан бири Диёр Ҳакимов шарафига қўйилган, – дейди оддий аскар Фирдавс Обидов йўл-йўлакай суҳбат асносида. – Бобом у кишининг жасорати ҳақида бизга кўп бора сўзлаб берган. Шу боис эгнимдаги ҳарбий либос менга доим ғурур, шижоат бағишлаб туради.

Ҳарбий қисм қўмондонининг ташаккурномаларини ўз эгаларига топшириш маросими Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Самарқанд шаҳридаги ҳайкали пойида давом этди. Кенг жамоатчилик вакиллари йиғилган даврада бирин-кетин ташаккурнома матни ўқиб эшиттирилди.

Олқишларнинг кети узилмади. Ахир ота-она учун жигаргўшасини элга керакли ўғлон этиб улғайтиргани, муносиб тарбиялагани учун маҳалла-кўй, омма олдида эътироф этилишдан ортиқ бахт борми?!

Тадбирда сўзга чиққан ота-оналар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, шахсий таркиб ўртасида миллий ўзликни англаш ва жанговар руҳни, ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш мақсадида ёш аскарларнинг «Темур тузуклари» асарини ўрганаётгани муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ҳарбий қисмга етиб келдик. Посбонлар ўз постини эгаллаган. Шуурда бугунги саёҳат таассуротлари мавжланиб, кўнгилга узоқ вақт сурур бағишлайди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти