Жамоалар “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловининг ўтказилиш тартибини келишиб олди

48

“Фориш” тоғ-дала полигонида “Халқаро армия ўйинлари – 2019” доирасида иштирокчи ва кузатувчи мақомидаги чет эл ҳарбий делегациялари бошлиқлари “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловининг ўтказилиш тартиби ҳақида келишиб олдилар.

Унда асосий эътибор “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловининг муҳим жиҳатлари, ўзига хос мураккабликлари, регламенти, танлов низомига кўра шартларнинг муҳим элементларини бажариш кетма-кетлигига қаратилди.

Ҳудуд ҳамда ушбу нуфузли мусобақани ўтказиш учун барпо этилган дала-ўқув майдонининг жойлашуви ва хусусиятларидан келиб чиқиб, жамоалар айрим кичик элементларга бир овоздан жузъий ўзгартишлар киритишни маъқул кўришди.

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловида айни дамда кузатувчи давлат мақомида қатнашаётган Венесуэла Республикаси вакили, тиббий хизмат полковниги Айлин Дел Гонсалес хонимнинг мулоҳазаларини қайд этди:

– Венесуэлалик кузатувчи сифатида “Ҳарбий-тиббий эстафета”  танловига нисбатан таассуротларим улкан. Мазкур полигоннинг танлов ўтказишга оид барча ташкилий жиҳатларини ўрганиб чиқдим. Мутассаддилардан ўзимни қизиқтирган кўплаб саволларга етарли даражада жавоб олдим. Биз, кузатувчи сифатида юртингизда бу танлов учун юқори савияда тайёргарлик кўрилганидан мамнун бўлдик. Келгуси йилда “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловида қатнашиш ниятидамиз, – деди Гонсалес хоним.

Эслатиб ўтамиз, мазкур нуфузли мусобақанинг тантанали очилиш маросими жорий йилнинг 4 август куни бўлиб ўтади.

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти