Ўтган йили рекорд ўрнатган ўзбекистонлик кинологлар жамоаси “АрМИ—2019”да қатнашишига тайёр

61

Жорий йилда ҳам Халқаро армия ўйинлари доирасида ўтказилаётган “Содиқ дўст” мусобақасида ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар ўз маҳоратларини намойиш этишади. Айни вақтда Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари ушбу мусобақанинг якуний тайёргарлик машғулотларида қатнашмоқда.

Москва вилоятининг Дмитров шаҳрида ўтказилаётган беллашувда Россия, Беларусь, Ўзбекистон, Қозоғистон, Алжир Халқ Демократик республикаси, Россия Федерациясининг аёллар ва ДОСААФ жамоалари иштирок этмоқда.

Жамоалар Дог-биатлон (индивидуал пойга), ҳимоя хизмати (шартли қоидабузарни ушлаш), 300 метрли тўсиқли йўлакдан ўтиш қуроллардан нишонни мўлжалга олиш шартларини бажаришади. Айни пайтда юртдошларимиз ҳар бир шарт бўйича ўз маҳоратларини оширишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «АрМИ-2018»да IV Халқаро армия ўйинлари доирасида «Содиқ дўст» танловнининг 300 метрли тўсиқлар йўлагидан ўтишда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Марказий хизмат итлари питомниги ҳарбий хизматчиси Шокир Жўраевининг «Гита» лақабли хизмат ити 1 дақиқаю 15 сония натижа билан рекорд ўрнатган эди.

Мудофа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти