Ўзбекистонга келган “АрМИ-2019” халқаро мусобақа иштирокчиларининг таомномасидан нималар ўрин олган?

99

Ўзбекистонда 2019 йилда илк маротаба ўтказилаётган V Халқаро армия ўйинларининг “Ҳарбий-тиббий эстафета” йўналиши бўйича мусобақаларга 11 давлатдан келган ҳарбий делегация вакилларини мамлакатимиз қандай меҳмон қилаётгани кўпчиликда қизиқиш уйғотиши табиий.

Албатта, ҳарбий озиқ-овқат рациони қатъий меъёр ва калорияларга бой бўлган таомлардан иборат бўлиб, тоза, табиий маҳсулотлардан тайёрланиши керак. Ўзбекистонга келган “АрМИ-2019” ўйинлари иштирокчилари Мудофаа вазирлигининг “Фориш” тоғ полигонида ўзбекона лутф ила қарши олинганининг ўзи кўпчиликни ҳайратга тушурди.

Мамлакатимиз Президентининг ташаббуси билан Мудофаа вазирлиги қўшинларида аутсорсинг тизими жорий этилган бўлиб, бир ярим йилдан кўпроқ вақт мобайнида ўзини ижобий томондан оқлаб келмоқда.

“Фориш” полигони ошхонасида Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил этилган уч маҳалли овқат тановули юртимизга келган хорижликлар томонидан эътироф этилмоқда. Айниқса, кимёвий ишлов ва биологик аралашувларсиз полизларимизда етиштирилган хўл мева ва сабзавотлардан ҳамма мамнун. Таом пишириш технологияларининг санитария-эпидемиология талабларига қатъий риоя қилиниши устидан назорат қилиб келаётган ҳарбий тиббиёт ходимлари туну-кун хизматда.

Енгил атлетика спортчилари меъёри асосида тузилган таомнома менюсидан витамин ва калорияга бой махсулотлардан фойдаланилмоқда.

Масалан бир кунга мўлжалланган суткалик овқат меъёри билан танишиб чиқсак.

Нонуштага сабзидан тайёрланган саримсоқли салат, хўл мева ассортиси, шакар қўшилган творогли запеканка, сметана соуси билан қайнатилган товуқ ва вермишель, сут билан какао, қайнатилган сут, лимон билан ширин чой, буғдой ва арпа унидан тайёрланган нон, сариёғ, пишлоқ, колбаса, сметана, творог, кофе ва қуритилган мевалар, хамиртуришли булочкалар.

Тушликка хўл мева, сабзавотлар ва кўкатлардан тайёрланган ассорти, товуқли сомса, мастава шўрва, мевали рагу билан тухум-дўлма, қовурма “Тошкент”, картошка билан қовурилган товуқ ва нон маҳсулотлари.

Қўли гул ошпазларимиз тайёрланган кечки овқат ҳам хорижликлар эътирофи остида қолмоқда. Сабзавотлардан тайёрланган салат, пиширилган тухум, қовурилган балиқ, гарнир билан гўштли котлет ва қовурилган жўжалар, хўл мевалар ва қандолат маҳсулотлари кун давомида машаққатли тайёргарлик машғулотларини ўтаган иштирокчиларга манзур бўлмоқда.

Ғайратига ғайрат, кучига куч қўшадиган бундай таомномадан кейин ғалаба учун кураш ҳам шиддатли бўлиши кутилмоқда.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти