Ҳарбий қисмда етти кун: 30 нафар ёшлар учун ташкил этилган бир ҳафталик тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳининг фаолияти якунланди

70

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турган вояга етмаган 30 нафар ёшлар учун ташкил этилган бир ҳафталик тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳи фаолияти ўз ниҳоясига етди.

Оромгоҳда ёшлар етти кун худди ҳарбийлардек ҳаёт кечиришди. Уларнинг кун тартибидан тортиб, машғулотлардаги ишитроки ҳам ҳарбий тартиб-интизом талабларидан келиб чиқиб белгиланди. Саф, жанговар тайёргарлик бўйича машғулотларда, маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этишди. Улар билан ҳар куни профилактик суҳбатлар ўтказилди. Ватанпарварлик руҳини тарғиб қилувчи бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойиши, бадиий ҳаваскорлик жамоаси ҳамда ҳарбий оркестрнинг концерт дастурлари оромгоҳ тарбиячланувчиларининг вақтини янада мазмунли ўтишига ҳисса қўшди.

– Телефонсиз ҳаётимни тасаввур қилолмасдим, – дейди Никита Каминский. – Ҳарбий қисмга киришда энг аввал телеефонларимизни олиб қўйишганда ғалати аҳволга тушдим. Гўёки ўзимни ташқи дунёдан узилаётгандек ҳис қилдим. Аввалига “Бу ерда етти кунни қандай ўтказаман”, деб ташвишга тушгандим. Ташвишим ўринсиз экан. Ҳарбий қисмда ўтган ҳар бир кун менда ўзгача таассурот қолдирди. Ҳарбийларга, ҳарбий соҳага меҳрим тушди. Ўтган кунлардан чиқарган хулосам шундай бўлди: шу юртда туғилган ҳар бир инсон уни кўз қорачиғидек асраши шарт!  Энди ҳеч қачон ёмон ишларга қўл урмайман, бировларнинг кўнглини оғритмайман. Ватанимга муносиб фарзанд бўламан.

Тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳининг ёпилиш маросими  тантанали тус олди. Унда Мудофаа  ва Ички ишлар вазирлиги масъул офицерлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзолари иштирок этди. Тантана сўнгида оромгоҳ тарбияланувчиларга фахрий ёрлиқ ва  эсдалик совғалари топширилди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти