“Тонг”га “Ҳарбий-ватанпарварлик карвони” ташриф буюрди  

29

Бола беғубор, унинг кулгусида дунё шодликлари мужассам. Шунинг учунми, болажоннинг шўхликлари дилга озор бермайди, қалбга завқ бағишлайди. Мудофаа вазирлигига қарашли “Тонг” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳам бугун мана шундай беғуборликлар маконига айланган. “Биз буюк юрт фарзандлармиз” шиори остида ташриф буюрган “Ҳарбий-ватанпарварлик карвони” эса кичкинтойларнинг ёзги таътил палласи мароқли ўтишини таъминлади.

Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси ташаббуси билан ташкил этлиган “Ҳарбий-ватанпарварлик карвони”да Қуролли Кучлар академияси, Тошкент вилояти ёшлар иттифоқи масъул ходимлари қатнашди. Мудофаа вазирлиги спорт клуби, “Импульс” ансамбли ҳамда “Турон” ёшлар театр гуруҳларининг чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Оромгоҳда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш ташаббус доирасида ташкил этилган “Драма”, “Рақс”, “Информатика”, “Ёш китобхон”, “Мусиқа”, “Ёш рассом”, “Жит кун до”, “Сузиш”, “Дзюдо” “Ёш футболчи”, “Воллейбол”, “Шахмат ва шашка” каби тўгаракалар болажонлар билан гавжум.

“Ҳарбий-ватанпарварлик карвони” доирасида ўтказилган “Энг билимдон китобхон”, “Дунё болажонлар нигоҳида” танловида фаол қатнашганлар Мудофаа вазирлиги ва Тошкент вилояти ёшлар иттифоқи кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирланди. “Тонг” ва “Ҳумо” оромгоҳлари болалари ўртасида ўтказилган мини футбол мусобақасида эса дўстлик ғалаба қозонди.

Тадбир давомида Мудофаа вазирлигига қарашли “Импульс” ансамбли ҳамда Тошкент шаҳар “Турон” ёшлар театр гуруҳи аъзолари томонидан намойиш этилган концерт дастури барчага кўтаринки кайфият улашди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти