Марказий ҳарбий округи ҳудудидаги мактабларда ҳарбий ватанпарварлик хоналари янги кўринишда ташкил этилади

92

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятдаги 1214 та мактабда ҳарбий ватанпарварлик ва ўқув қуролларини сақлаш учун махсус хоналар ташкил этилмоқда.

Эндиликда мактабларда ёшларни чақирувга қадар тайёрлаш фани хонаси махсус воситалар билан жиҳозланиб, эскича қолиб ва ёндашувлар бутунлай воз кечилади.

Бундан бир неча йил олдин мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги мактабларда 10—11-синфларнинг тугатилиши билан ўқув қуроллари ва ҳарбий аслаҳалар макетлари ҳамда қуроллардан ўқ отиш хоналари ёппасига йиғиштириб олинганди.

Ёшлар ҳарбий хизмат ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлмай, “Ватанпарвар” кўрсатувини кўриб, ўқитувчилар томонидан ўтилган мавзуларни тасаввурига келтириб, армияга боришга одатланди.

Яқин икки йил ичида эса “Халқ ва армия якдил” деган шиор ўз маъносида ишлатила бошланди. Ҳарбий техникалар паради ўтказилди, армия куч-қудрати намойиш этилиб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизими йўлга қўʻйилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги 868-сонли қарорига мувофиқ, мактабларда махсус ҳарбий ватанпарварлик хоналари ташкил этилиб, 90 турдаги ўқув кўргазмали ҳарбий қурол ва аслаҳалар билан таъминланадиган бўлди.

Бунгача, мактабларда чақирувга қадар тайёрлаш фанлари 10-синф ўқувчиларига 68 соат ва 11-синфларга эса 51 соат вақт ажратилиб, дарслар кўргазмали воситаларсиз назарий ташкил этилиб, якунда эса 3 кунлик дала йиғини ўтказилиши кўзда тутилган бўлса-да, ташкил этилмади. Эндиликда мазкур жараён Мудофаа ишлари бошқармаси ва бўлимлари томонидан назорат қилинади.

Ҳозирги вақтга келиб, Самарқанд шаҳридаги мудофаа ишлари бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда қарийб 1 миллиард сўмлик буюк сиймолар ҳамда қурол-аслаҳа тасвири акс этган стендларнинг бир қисми 200 дан зиёд мактабларга етказилди. Ўқув қуроллари, ҳарбий аслаҳалар макети ва бошқа турдаги воситаларни етказилиш муддатлари ҳақида келишиб олинди.

Шунингдек, вилоятдаги умумтаълим мактаблардаги чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик синф хоналарининг ўқув моддий базалари ўрганилиб, зарурий воситалар билан таъминлаш қаторида, ҳарбий хизматчилар томонидан Ватан ҳимояси йўлида жон фидо этган ўғлонларга бағишланган, жасорат ойнаси ташкил этилмоқда.