Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Ватанпарварлик карвони” болажонларга унутилмас онларни “ҳадя” қилди

49

 Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Ватанпарварлик карвони”да Мудофаа вазирлигининг марказий ҳарбий оркестри ва санъаткорлар, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг бир гуруҳ фахрийлари, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Тошкент вилояти кенгаши вакиллари, ҳарбий хизматчилар билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Меҳрибонлик уйлари” болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида бўлиб, учрашув, суҳбатлар ташкил этилиб, яратилган шароитлар  ўрганилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкен вилояти “Меҳрибонлик уйлари”да ҳамда имконияти чекланган кўп тармоқли мактаб интернатларида тарбияланаётган, айни дамда соғломлаштириш оромгоҳларида саломатлигини тиклаётган болажонларга меҳр улашиш, мурғак қалбларида ватанпарварлик туйғуларини уйғотиш мақсадида ташкил этилди.

Сўзга чиққанлар мамлакатимиз раҳбарияти томонидан ёшларга зарур барча шароитлар яратиб берилаётгани, шунинг учун ҳам ёшлар илм олишлари, кўпроқ китоб ўқишлари, комил инсон бўлиб тарбияланишлари жуда муҳим эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Тошкент вилояти кенгаши мутахассислари ёшларга ташкилотнинг мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари ва спортнинг техник-амалий турлари бўйича фаолият кўрсатаётган спорт тўгараклари ҳақида маълумот берди.

“Ватанпарварлик карвони” тадбирлари қизиқарли ва унутилмас онларга бой бўлганлигини иштирокчилар ва ёшлар эътироф этдилар.

Айниқса, ҳарбий хизматчилари томонидан намойиш этилган қўл жанги бўйича  кўргазмали чиқишлар ёшларда катта таассурот уйғотди.

“Ватанпарварлик карвони” шу куни бир қатор оромгоҳларда бўлиб, болажонлар қалбига унутилмас онларни “ҳадя” қилди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти