Ёш ихтирочи дастурчи билан учрашув

89

Ўзбекистон Президенти илгари сурган Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишдаги 5 та муҳим ташаббусларидан бирида китобхонликни кенг тарғиб қилиш хусусида алоҳида тўхталиб ўтган.

Ана шундай эзгу мақсадга йўналтирилган ташаббуслар миллий армиямизда ҳам кенг тарғиб этилмоқда. Жумладан, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи Нукус гарнизонидаги сафарбарлик чақируви резерви батальонида мазкур ташаббус ижроси юзасидан қатор тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Куни кеча СЧР хизматчиларининг Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот-ресурс маркази болалар кутубхонасига бўлган экскурсия ана шундай тадбирлар доирасидан ўрин олди.

2015 йилда ташкил этилган Ахборот-ресурс маркази ҳозирги кунда 70 мингга яқин китобларни ўзида жамлаган бўлиб, у ерда китобхонлар 13 500 дан ортиқ энг сара дурдона асарлардан ўқишга имкон топади. Зиё маскани бўлмиш кутубхонада жами 8 та бўлим фаолияти йўлга қўйилган. Ватан посбонлари экскурсия давомида кутубхоначи Гулчеҳра Мадрейимова ҳамроҳлигида ўқув зали, интернет синфи, хизмат кўрсатиш ва китоб сақлаш бўлимлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.

Шу куни, хизматчилар Нукус шаҳри “Истиқлол” болалар дам олиш боғида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қорақалпоғистон ҳудудий бошқармаси ва Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали билан ҳамкорлигида ташкил этилган аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишга йўналтирилган кўргазмали машғулотда ҳам иштирок этиб, компьютер саводхонлиги, интернетдан фойдаланишнинг самарали усуллари ҳамда талабалар томонидан яратилаётган ихтиролар ҳақида маълумотларга эга бўлишди. Айниқса, Ахборот технологиялари университетининг 4-босқич талабаси, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Давид Конарбаев билан бўлган мулоқат ёшлар қалбида ҳавас туйғуларини мавжлантирди. Учрашув сўнгида ёш ихтирочи томонидан талабалар иштирокида яратилган “Ақлли уй” лойиҳаси бўйича маҳорат дарси ташкил этилди.