Тарихий сана: 24 июнь – “Ватанпарвар” газетаси ташкил этилган кун

94

Мудофаа вазирлигининг марказий матбуот органи «Ватанпарвар» газетасининг илк сони Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг буйруғига биноан 1992 йил 24 июнда чоп этилган. 2005 йил 14 январда илк рангли сони, 29 апрелдан (48-сон) бошлаб тўлиқ рангли саҳифаларда ҳафталик газета сифатида ном қозонди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони ташаббуси билан амалга оширилаётган ҳарбий ислоҳотларни, давлатнинг мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасидаги сиёсатини кенг тарғиб қилиш, ҳарбий хизматчилар ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида улуғ аждодларга муносиб ворислар этиб тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини шакллантириш, ҳарбий хизмат ва касб нуфузини оширишда қатор ютуқларга эришган таҳририят 2014 йилнинг 20 ноябрида “Ўзбекистон армияси” журнали давлат рўйхатидан ўтказилгач, Бирлашган таҳририят сифатида ўз қамровларини кенгайтирди.

Бирлашган таҳририят ходимларининг 1 нафари “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони, 1 нафари “Жасорат” медали, 8 нафари “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. 1 нафар ходим Президентнинг эсдалик совғаси билан тақдирланган.

Шунингдек, “Ватан азиз, жасорат мангу”, “Энг улуғ, энг азиз”, “Ўзбекистон матбуоти”, “Олтин қалам”, “Эътироф”, “Йилнинг энг фаол спорт журналисти”, “Атиргул” каби нуфузли республика танловларида ғолиб ва совриндор бўлди.

“Ватанпарвар” Бирлашган таҳририяти ёш, истеъдодли журналистларни жалб этиб, газета саҳифаларини ранг-баранг, замон билан ҳамнафас қилиб тайёрлашга, дизайни ва мазмунини бойитган ҳолда оммага тақдим этаётир.

Газетанинг барча заҳматкаш ходимларини ушбу сана билан муборакбод этиб, янги марраларни забт этишларида муваффақият тилаймиз!

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти