Нукус гарнизони ҳарбий хизматчилари кундузги ва тунги отиш машғулотларида қатнашди

88

Нукус гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмлардан бирида штат қуролидан жанговар ўқ отиш режавий машғулотлари ўтказилмоқда. Полигонга қадар бўлинмалар 40 километр масофага марш уюштирди, жумладан, унинг ярми пиёда босиб ўтилди.

Полигондаги амалий машғулотлар ўқотар қуроллардан тунги шароитда нишонларни яксон қилишдан бошланди. Пиёда босиб ўтилган узоқ масофали марш шахсий таркибнинг жисмоний ва руҳий-психологик ҳолатида таъсир кўрсатмади. Нишонлар юқори аниқликда мўлжалга олинди.

Ҳарбий хизматчиларнинг ўточар қуролдан фойдаланиш кўникмаси кундуз куни жазирама иссиқ ва қуруқ ҳавода ҳам тобланди. Бутун дала ўқув майдони бўйлаб ўқув нуқталари ташкил этилиб, ҳарбий хизматчиларга амалий ҳаракатлар орқали қуролларни шай ҳолатга келтириш бўйича тушунчалар берилди.

Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматчилар биринчи бор миномётлардан ўт очиш машғулотларида қатнашди.

Полигондаги амалий ҳаракатлар давом этмоқда. Олдинда ЗУ-23-2 зенит қурилмаларидан ўт очиш машғулотларини ўтказиш режалаштирилган.