Ҳарбий қисм ва муассасалардаги Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди

17

Бугун, 18 июнь куни Мудофаа вазирлигига қарашли барча ҳарбий қисм ва муассасаларнинг Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчи ва ёшлари томонидан ўтказилган тадбирларнинг ярим йиллик ҳисоботи бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси масъул офицерлари, округ қўмондонлиги вакиллари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг қўшма қарорига асосан ҳарбий қисм ва муассасаларда 10 нафар бошланғич ташкилот етакчилари, 52 нафар йўналиш сардорлари лавозимлари жорий этилган.

Ҳозирда округ қўшинларида 4 мингдан ортиқ ёш ҳарбий хизматчилар бошланғич ташкилотга аъзо. Шунингдек, барча ҳарбий қисм ва муассасаларда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган устувор вазифалар белгиланган. Айни пайтда мазкур вазифаларни тўла-тўкис бажариш  борасидаги   муайян  ишлар қилинмоқда.

Ўзаро мунозара, савол-жавоб тарзида кечган видеоселекторда кадрлар  тайёрлашни сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтариш масаласи атрофлича  муҳокама этилди. Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилаётган 5 та ташаббус юзасидан округ қўмондонларининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосарларининг таклиф ва тавсиялари тингланди.

Йиғилишда ҳарбий қисм ва муассасаларда бошланғич ташкилот етакчиларига ҳуқуқий таълим-тарбия  бериш, умуман, ҳуқуқий таълим соҳасида мавжуд устувор вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги аҳволни тубдан яхшилашга доир тавсиялар ишлаб чиқилди. Тадбир якунида йиғилиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.