Шарқий ҳарбий округда инспекция текшируви машғулотлари бошланди

25

Бугун, 17 июнь куни Қуролли Кучлар Бош штаби томонидан Шарқий ҳарбий округда жойлашган Фарғона гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида инспекция текшируви машғулотлари бошланди. Текширувдан асосий мақсад бўлинмаларнинг жанговар шайлигини текширишга қаратилган.

Машғулотларнинг биринчи кунида шахсий таркиб хамда ҳарбий техникаларнинг жанговар шайлиги текширилди. Унда ҳарбий хизматчиларнинг ташқи кўриниши, қурол-аслаҳалари, сафар анжомлари, саф кўриги ва саф қўшиқларини айтиб юришига баҳо берилди.

Текширувларда ҳарбий қисм ва юрт посбонларининг жанговар тайёргарлик ҳолатини ҳар томонлама назоратдан ўтказишга урғу берилмоқда. Фарғона гарнизонидаги жанговар техникалар ва ҳарбий автомобилалар созлиги, техник носозлик вужудга келганда уни бартараф этишда керак бўладиган захира асбоб-анжомлари бутлиги ҳам кўздан кечирилди.

Шунингдек, Фарғона гарнизонида бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлигини текшириш машғулотларида ҳарбий хизматчилар ҳарбий топография ва жисмоний тайёргарлик бўйича синовларни топширишди. Шунингдек, барча тоифадаги бўлинма командирларининг назарий ва амалий билимларини текшириш бошланди.

Машғулотларининг кейинги босқичларида юрт қалқонларининг тактик ва махсус тайёргарлиги, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш, гуруҳ ва ўточар қуроллардан нишонларга ўқ отиш бўйича кўникмаларини синовдан ўтказиш режалаштирилган.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати