Ёдгор Саъдиев: «Мен омадли аскар бўлганман!»

46

Ўзбек миллий академик драма театри. Бу санъат кошонаси не-не улуғларга, санъат дарғаларига маскан, саҳнани ҳаётининг мазмуни ҳисобланган хоки тупроқдек кўзига суртган инсонларга қисматдир. Ҳар гал спектакль олдидан қувонч ва ҳаяжондан ҳапқириб, томошабинни ҳаёт манзараларига ошуфта этган актёрлар ҳам юрт ҳимоячилари янглиғ кўнгилларни муҳофаза этувчи, ёмонликлардан огоҳ қилувчи дилпосбонларидир, аслида. Биз бугун ана шундай улкан қалб соҳиби,  халқимизнинг севимли санъаткори Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг кўнгил кечинмаларига, ўз ҳақиқатларига қулоқ тутдик.

– Аввало менга газетангизнинг номи ёқади, – дейди Ёдгор ака. – «Ватанпарвар», бу номнинг масъулияти, юки жуда катта. Ҳарбий хизматчиларни Ватанни севишга чорлаб турадиган яхши ном. Аслида нафақат ҳарбий хизматчилар балки, ҳар биримиз ватанпарвар бўлишимиз керак. Барчамиз юрт учун қайғурсак, халқимизни ўйласак, ҳаётимиз бундан-да гўзал бўлади. Бундай фидойиликни ҳозир муҳтарам Президентимиз ҳар бир қадамида бизга кўрсатиб турибди. Туну кун эл учун, унинг фаровонлиги учун жон куйдираётган Юртбошимизга камарбаста бўлсак, дейман.

https://www.youtube.com/watch?v=boiTEn_ceM8&feature=youtu.be

Мен Москвада хизматда бўлганман. У пайтлари ўзбек йигитларининг аксарияти қурилиш батальонларида хизмат қилишарди. Хизмат пайтим санъаткорлигимдан воқиф бўлганларидан кейин мени ҳарбий қисм клуб бошлиғи қилиб қўйишган. У ерда турли маданий тадбирларни уюштириб, мусофирликда юрган аскарларнинг руҳини кўтаришга ҳаракат қилганман. У вақтда «Ялла» гуруҳи энг машҳур, ўн бешта мамлакат бўйича гастроллардан бўшамас эди. Фарруҳ Зокиров дўстим бўлганлиги учун икки марта ҳарбий қисмимизга келган. Юртини, ота-онасини соғиниб юрган аскарлар учун бу катта совға бўлган эди. Лекин мен омадли аскар бўлганман. Яъни яхши хизматим туфайли 3 йил эмас 9 ой хизматдан кейин жавоб беришган. Театрда ижро этадиган ролим бор эди, шошилинч ортга қайтганман. Мустақил Ўзбекистон армиясига, албатта, ҳавас билан қараймиз. Ўз юртида, ўз ҳудудини ҳимоя қилаётган йигитларга ҳозир ҳарбий қисмларда жуда яхши шароитлар яратилган. Ҳеч ким камситмайди, бир йилнинг ичида ҳарбий соҳа бўйича етарлича билимга эга бўлиб қайтишади. Бизга у пайтларда ҳарбий билимлар берилмасди. Ёшлар бугунги куннинг қадрига етиши керак.

 Саҳнада, кинода жуда кўп образлар яратдим. Мақсуд Шайхзоданинг «Мирзо Улуғбек» асарида Фарангистон элчиси ролини ижро этган бўлсам, Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар»ида Бобур Мирзо ролини ижро этиш насиб этди. Бу мен учун бахт эди, албатта. Бобурнинг ўрта ёш даврини, шу билан бирга ҳаётининг энг мураккаб палласини ижро этиш осон эмасди. Умри жангу жадаллар, сарсонгарчиликлар ичра кечган шоҳнинг орзу-армонларини, мақсад ва пушаймонларини очиб бериш катта куч талаб қиларди. Ҳозир ҳам халқимиз шу ролни яхши эслашади, демак мен Бобур бўла олибман. Айни пайтда режиссёрларимиз томонидан тарихий асарлар суратга олинмоқда, саҳналаштирилмоқда. Таклифлар кўп, бироқ ролни жуда қаттиқ танлайман. Айниқса, тарихий сиймолар образини яратишда ўзимга нисбатан жуда талабчанман. Шу билан бирга, айни пайтда олинаётган тарихий ва ҳужжатли фильмларга ўта синчковлик, чуқур билим ва малака билан ёндашув тарафдориман.

Халқимиз билан учрашувларда бўламиз. Улар Асадбек образи ҳақида кўп саволлар беришади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг «Шайтанат» асаридаги бош қаҳрамон Асадбек роли гарчи салбий образ бўлсада, халқимиз уни ёмон кўрмайди. Чунки бу инсонда мардлик, ожизларни ўйлаш, уларга ғамхўрлик қилиш, эл-улусни қўллаш ҳислатлари бор. Қолаверса, машъум қатағон йилларида айбсиз қамалган отаси, ночорликдан вафот этган онаси ва укасининг алами ёш Асадбек қалбида мушт бўлиб тугилиб, замонга нисбатан ўч аҳди-паймонга айланади ва бу мушт то юрт мустақил бўлиб, ўз эркига эга бўлгунича ёзилмайди. Асадбек ёшларимизни жиноят кўчасининг охири нима билан тугашидан, дунёда разил кимсаларнинг тузоғи кўплигидан огоҳ этади. Худо ҳохласа, яқинда сериалнинг яна бир янги қисмини тайёрладик. Насиб этса, уни киносарой ва телеэкранларда намойиш этиш ниятимиз бор.

Президентимиз санъат ва маданият ходимлари билан  учрашувида биз ижодкорлар олдига катта мақсад ва вазифаларни қўйди. Демак, ҳали қиладиган ишларимиз мўл. Ниятим «Қалқон» студиясини тикламоқчиман. Миллатимиз тарихини кўрсатиб берадиган, ёшларимизнинг руҳини ўстирувчи киноасарлар яратиш орзусидаман.