Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ва Россия ДОСААФ ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди

21

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши томонидан Россия Федерацияси ДОСААФ ташкилоти билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» Марказий кенгашида ушбу икки ташкилот ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолаш ҳамда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг МДҲ ДОСААФ иттифоқига аъзо бўлиши юзасидан расмий учрашув бўлиб ўтди.

Унда «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши раиси генерал-майор Рустам Ниязов, ташкилот масъул ходимлари, Россия Федерациясининг ДОСААФ ташкилотининг раиси генерал-полковник Александ Колмаков бошчилигидаги ташкилот вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув имзолангач, «Ватанпарвар» ташкилотининг МДҲ ДОСААФ иттифоқига аъзо бўлиши юзасидан мурожаати тақдим этилди. Мурожаат жорий йилнинг декабрь ойида МДҲ ДОСААФ иттифоқининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилади.

Маълумот учун: Бугунги кунда Россия Федерацияси, Азарбайжон, Армания, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари МДҲ ДОСААФ иттифоқининг аъзоларидир.