Тошкентда “тревога” сигнали бўйича кўтарилган тактик ўқувлар ниҳоясига етди

17

11 июнь куни тонгда Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош штаби томонидан Тошкент ҳарбий округи қўшинлари юқори даражадаги жанговар шайликка келтирилган эди. Ўқувларда Мудофаа вазирлигининг мазкур округидаги барча ҳарбий қисм ва муассасалари билан бирга Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги ҳудудий бошқарма ва бўлинмаларининг иштироки ҳам таъминланди.

Қуролли Кучлар Бош штаби томонидан ўтказиб келинаётган бундай тактик ўқувлар асосан бўлинма командирларида қўшинларни тўғри бошқариш ва жанговар ҳаракатларни олиб бориш кўникмаларини ошириши билан аҳамиятли.

Машғулот режасига кўра, йиғин сигнали берилгач тезкор равишда округ ҳудудида жойлашган барча ҳарбий қисмлар, муассасалар жанговар шай ҳолатига келтирилди. Юқори қўмондонлик ва бўлинмалар ўртасида видеоконференция алоқа ёрдамида мулоқот бўлиб ўтди. Унда мавжуд ҳолат бўйича маълумот берилиб, командирларга тегишли кўрсатма ва вазифалар қўйилди. Тактик ҳаракатларда қўшинлар турли йўналишларга ташланди. Махсус бўлинмалар Мудофаа вазирлиги Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли вертолёт авиацияси ёрдамида белгиланган жойларга десантлаштирилди. Қолган бўлинмалар эса автомобиллар ва ҳарбий техникаларда калонна тартибида узоқ масофаларга марш уюштирди.

Режавий машғулотларга кўра, тактик ўқувлар бўйича асосий жараёнлар Мудофа вазирлигининг “Чирчиқ” ва “Ангрен” дала-ўқув майдонларида ташкил этилди. Шартли душман ёриб кирмоқчи бўлган тоғли ҳудуддаги мураккаб шароитдан келиб чиққан ҳолда олдиндан тахмин қилинган ҳар қандай хавф-хатарларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Чегарани бузиб кирган шартли ноқонуний қуролланган жангариларга дастлаб Қуролли Кучлар тузилмаларидан таркиб топган бўлинмалар томонидан ҳамкорликда зарба берилди.

Олиб борилган кенг кўламли тактик ўқувлар мобайнида бир қатор назорат синовлари ҳам ўтказилди. Командирларнинг бошқарув салоҳиятига баҳо берилди. Ҳарбий хизматчилар гуруҳ қуролларидан отиш нормативларини топширишди.

Турли масофалардан тоғли ҳудудда жанговар техникаларда амалга оширилган отиш машғулотлари юрт посбонлари учун яна бир маҳорат синови бўлди.

5 кун мобайнида бўлиб ўтган тактик машғулот турли хавф-хатарлар, фавқулодда вазиятларда Қуролли Кучлар тузилмаларининг ҳамкорликда ва жипсликда ҳаркатланиши, командирларда бошқарувчанлик кўникмаларини мустаҳкамлаганлиги ҳамда қўшинлар жанговар шайлигини ошириш имкониятини берганлиги билан аҳамиятли бўлди.