Нукуслик ёшлар ва ҳарбийлар интеллектуал баҳсларда қатнашди

47

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларида ўтказилаётган “Ёшлар ойлиги” доирасида Нукус шаҳар “Истиқлол” болалар боғида ёшлар сайли ўтказилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ташаббуси билан ташкил этилган сайилда мингдан зиёд ўқувчи ёшлар ва Нукус гарнизонидаги ҳарбий хизматчилар “Китобхонлик викторинаси” интеллектуал ўйинида ўзаро бахслашишди. “Ёш ошпазлар танлови” номли миллий таом бўлмиш паловни пиширишда ўзгача ёндашувлар ош пишганча барчани ҳаяжонда ушлаб турди.

Нукуслик болаларнинг “Дунё рақслари” шоуси йиғилганлар олқишига сазовор бўлди. Ёш ижодкорлар томонидан ташкил этилган “Назм ва наво” кечаси ҳақикий мумтоз куй ва қўшиқ шайдоларини олдида тўплади.

Қорақалпоғистон Маданият вазирлиги ижодкорлари ҳамда гарнизон Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестрининг дилтортар куйлари халқни рақсга чорлади.

Танлов ва викториналарнинг ғолиб ва совриндорлари Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идора мансабдор шахслари томонидан муносиб тақдирланди.