Ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари “Тонг” соғломлаштириш оромгоҳига етиб келди

50

Бугун, 14 июнь куни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида хизматини ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари таътилни мароқли ўтказишлари учун Тошкентдаги “Тонг” номли соғломлаштириш оромгоҳига етиб келди.

Ҳарбий хизматчиларнинг 24 нафар фарзандини Тошкент шаҳридаги Жанубий темир йўл вокзалида Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси офицерлари, вазирлик марказий ҳарбий оркестри жамоаси ҳамда Қуролли Кучлар академияси курсантлари томонидан тантанали равишда кутиб олинди.

Ёшларга ёзги дам олиш оромгоҳида бўш вақтини мазмунли ўтказишларини таъминлаш мақсадида Амир Темур тузуклари, жаҳон ва ўзбек адабиётининг энг сара намуналари совға қилинди.

“Тонг” оромгоҳида болажонларнинг кўнгилли дам олишлари учун тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ушбу режага биноан, деярли ҳар куни оромгоҳда турли интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари, учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.