Фарғонада сайёр қабул: Ҳал қилинган муаммолар сони рекорд даражага етди

32

Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигидаги сайёр қабул гуруҳининг Шарқий ҳарбий округдаги халқ билан мулоқотлари қизғин суръатда давом этмоқда.

Фарғона гарнизонида жойлашган Маънавият ва маърифат марказида бўлиб ўтган сайёр қабул давомида бир неча йилдан бери қатор ташкилот ва идоралар эшигида сарсону саргардон бўлса-да, мушкули осон бўлмай келаётган аксарият ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, нафақадаги ҳарбийлар ҳамда кўплаб юртдошларимизнинг мурожаатлари ўрганилиб, муаммолари ўз вақтида ҳал этилди.

Заҳирадаги майор Акмал Азамжонов 2011 йилда хизмат шартномаси тугаганлиги ва ўша пайтдаги оилавий шароитларининг мушкуллиги туфайли хизматни давом эттира олмаган ва заҳирага бўшатилган. Шундан сўнг, у етти йилдан бери қайта шартнома тузиш учун сарсон бўлиб келмоқда: вилоят мудофаа ишлари бошқармасида тиббий кўриклардан ўтиб, шартнома бўйича ҳарбий хизматга чақирилиш учун зарур бўладиган барча ҳужжатларни жамлаган бўлса ҳам, гоҳ жисмоний имтиҳонларга маълум монеъликлар учун киритилмас, жараённинг навбатдаги босқичларига ўта олмай келаётган эди.

Сайёр қабул давомида унинг оғири енгил бўлди:

– Ишонасизми, бу масала бўйича ҳатто Президент порталига ҳам уч маротаба ёзма мурожаат қилдим, – дейди А.Азамжонов. – Доим ҳал қилувчи пайтларда ишим пайсалга солинар, муҳим маълумотномаларни ололмасдим ва масъул мутасаддилар бу қоғозларнинг йўқлигини пеш қилишар эди. Фақат ушбу сайёр қабулга келибгина кўнглим хотиржам бўлди. Мурожатим бўйича аниқ жавоблар олдим. Бу ишни шахсан Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони назоратларига оладиган бўлдилар ҳамда қисқа фурсат ичида ижобий ҳал этилиши таъкидланди.

Шунингдек, қабулда Фарғона вилоятидаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам аксарият мурожаатларга ижобий ечим топди.

Капитан Илҳом Аҳмедовнинг рафиқаси Зарина Аҳмедованинг ҳам қувончи чексиз. Чунки у Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси вакиллари кўмаги билан янги 2019/2020 ўқув йилларидан бошлаб, Фарғона шаҳрида жойлашган коллежларнинг бирида озиқ-овқат технологи сифатида ўқитувчилик қиладиган бўлди.

Турли муаммолар билан сайёр қабул гуруҳига мурожаат этган ёшу қарининг моддий ва маънавий эҳтиёжлари қаноатлантиилди. Уйсиз уйли, ишсиз ишли, соғлиғи ёмонлашган саломатлигини тиклайдиган бўлди.

Сайёр қабул давомида Фарғона вилояти бўйича жами – 308 та мурожаат ўрганилиб, якуний натижаларга кўра уларнинг 60,7 фоиздан ортиқ мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. 39,3 фоизга яқин масалаларни вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда бир ой муддатда ҳал этиш белгилаб олинди.