Термизда кўргазмали батальон тактик ўқувлари давом этмоқда

72

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг Термиз гарнизонида бўлиб ўтаётган кўргазмали батальон тактик ўқуви унга жалб этилган ҳарбий хизматчиларнинг эрта тонгда тревога сигнали бўйича ҳарбий қисмдан кўтарилиши ҳамда тўлиқ ҳарбий аслаҳа ва анжомлари билан жанговар техникалар воситасида колонна бўлиб жойлашув жойига чиқиб кетиши билан давом эттирилди.

Кун давомида кўзда тутилган манзилга етиб келган батальон шахсий таркиби вақтинчалик жойлашув жойи ҳозирлаб, унда жойлашувни амалга оширди. Барчаси реал вазиятга яқинлаштирилган ҳолда кечди. Жумладан, режалаштириш ва ўқув учун зарур ҳужжатларни ишлаб чиқиш услубиёти, бошқарувни ташкил этиш, қўриқлов постлари, ниқобланиш, таъминот, ҳарбий техникаларга техник хизмат кўрсатиш жойи, турли хизмат ва пунктларнинг фаолияти йўлга қўйилди ҳамда қатор ўқув нуқталари барпо этилди.

Мазкур ўқув нуқталарида машғулотга ташриф буюрган иштирокчиларга тегишли маълумотлар етказилди. Ўқув нуқталарига бириктирилган ҳарбий хизматчилар мавзу юзасидан тегишли машқларни амалий тарзда кўрсатиб беришди.

Ўқув-тарбия жараёнида татбиқ этиш мумкин бўлган инновацион янгилик ва рационализаторлик таклифлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Эртага якунланиши кутилаётган мазкур ўқувда реал вазиятга яқинлаштирилган амалий жанговар машғулот намойиш этилиши кўзда тутилган.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати