Мудофаа вазири ўринбосари иштирокидаги сайёр қабуллар давомида кўплаб инсонлар муаоммоси ижобий ҳал бўлмоқда

28

Мудофаа вазири томонидан тасдиқланган режага биноан, вазирнинг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигидаги масъуллардан иборат гуруҳ Шарқий ҳарбий округнинг Андижон гарнизонида жойлашган театрда сайёр қабул ўтказди.

Унда Мудофаа вазирлиги марказий аппаратидан иборат ишчи гуруҳ баробарида округ қўмондонлиги масъул офицерлари ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда ҳарбий пенсионерларнинг мавжуд муаммолари, талаб, таклиф ва эҳтиёжларини ўрганиб, уларга амалий кўмак бериш юзасидан иш олиб борди.

Турфа мурожаатлар билан келаётган юртдошларимизнинг мушкулини осон қилиш мақсадида сайёр қабул гуруҳи жадал суръатда иш бошлади. Айниқса, 2002 йилда хизмат вазифасини бажариш чоғида бир оёғидан жудо бўлган сержант Азизбек Қурбоновнинг йил давомида шифокорлар кўригидан ўтиб туриши, зарур муолажалар ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиши таъминланди.

– Сайёр қабулда қатнашиб, бизга кўрсатилган эътибордан мамнун бўлдик, – дейди А.Қурбоновнинг рафиқаси Хуршида Қурбонова. –Хўжайиним, ниҳоятда иродали инсон. У айни дамда – талаба. Андижон давлат университети тарих факультетининг 1-босқичини тамомламоқда. Вазир ўринбосари хўжайинимнинг тарихга қизиқишини инобатга олиб, дарс жараёнларида фойдаланиши учун сўнгги русумли рангли принтер совға қилишларини айтдилар. Биз бундан ниҳоятда хурсанд бўлдик.

Тиббий хизмат, бандлик, имтиёзли кредит олиш, хусусий тадбиркорлик, шартнома бўйича ҳарбий хизматга чақирилиш, уй-жой, муҳим сабабларга кўра хизмат жойини ўзгартириш каби турли мурожаатлар ижобий ҳал этилди.

1999 йилда уй-жой билан таъминланган заҳирадаги подполковник асакалик Халидин Сотволдиевнинг йиллар давомида баҳсли бўлиб, ўз ечимини тополмаётган муаммоси айнан мазкур сайёр қабул давомида ҳал бўлди.

– Турмуш ўртоғим ҳам ҳарбий хизматчи эди. Биз Тошкентда яшардик ва у билан 2010 йилда ажрашдик, – дейди Х.Сотволдиев. – Иккимиз ҳам ҳарбий хизматчи бўлганимиз туфайли бизга тегишли қонунга кўра битта уй берилган эди. Шу уй 2015 йилда мажмуавий турар жой қурилиши режасига биноан бузиладиган бўлди. Мен, табиийки, уй бузилиш пайтида водийда эдим. Собиқ рафиқам бу ҳақда мени огоҳлантирмай, бошқа уйга кўчган ва ҳужатларни ўз номига расмийлаштирган. Сўнгра давлатимиз томонидан менга ҳам уй берилиши мумкинлигини аниқлаб, бу масала бўйича йиллар давомида эшикларда сарғайдим. Ҳеч наф чиқмади. Ахийри, мана бугун Вазиримиз ўринбосари ўзлари сайёр қабул ташкил этдилар, шу ерда ишим ҳал бўлди. Менга бир хонали уй бериладиган бўлди. Бундан бошим осмонда. Мудофаа вазирлигининг кўрсатган бу ғамхўрлигини унутмайман.

Мазкур мурожаат бўйича Шарқий ҳарбий округи бошқарув аппарати юридик бўлими бошлиғи, Адлия майори Нигматжон Комилов масаланинг қай тартибда ҳал бўлишига ойдинлик киритди:

– Заҳирадаги подполковник Халидин Сотволдиевга уй-жой олиши учун бизга тегишли ҳужжатларни тақдим этиши ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Унга Наманган вилоятининг Чортоқ туманидан бир хонали уй ажратилади.

Сайёр қабул ишчи гуруҳи билан биргаликда Андижон вилоятининг давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам юртдошларимиз мурожаатини тинглаб, қатор муаммолари бартараф қилди.