Тошкент ҳарбий округида режавий машғулотлар бошланди

32

Бугун, 11 июнь куни тонгда Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош штаби томонидан округ қўшинлари юқори даражадаги жанговар шайликка келтирилди.

Мудофаа вазирлиги қўшинларининг навбатдаги ҳарбий ўқувлари ҳарбий округ ҳудудида бўлиб ўтади. Тактик ҳаракатлар Мудофаа вазирлиги полигонларида ўтказилиб, у ерда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги ҳудудий бошқарма ва бўлинмалари билан ҳамкорликда жанговар вазифалар бажарилади.

Ўқув машғулотлари давомида қўшинларни турли йўналишларга ташлаш кўзда тутилган. Махсус бўлинмаларнинг ҳарбий хизматчилари Мудофаа вазирлиги Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли вертолёт авиацияси ёрдамида ташланади. Қолган бўлинмалар эса автомобиль ва зирҳли техникаларда катта масофаларга марш уюштиради.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти мамлакат фуқароларидан колонналарнинг ҳаракатига халақит бермасликни ва йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишни сўраб қолади.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати