Ёшлар учун тўгараклар, иш билан таъминлаш, компьютер саводхонлиги. Мудофаа вазирлиги қўшинларида бешта ташаббус доирасида амалга оширилган ишлар

32

Давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳадаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш мақсадида илгари сурилган беш ташаббусни ҳаётга тадбиқ этиш борасида Мудофаа вазирлиги томонидан ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Пойтахтимиздаги “Анҳор-Локомотив” истироҳат боғида ташкил этилган тадбирда вазирлик спорт клуби аъзолари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Спорт бўйича Жаҳон ва Осиё чемпионлари томонидан ўтказилган маҳорат дарслари боғга келган юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотди.

Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамли ҳамда ҳарбий оркестр жамоалари тинчликни, ҳурликни, севги садоқатни мадҳ этувчи куй қўшиқлар ижро этиб, йиғилганлар кайфиятининг янада кўтарилишига сабабчи бўлди.

Олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари, ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар машқлар акс этган кўргазмали чиқишлари ёшларда ҳарбий ватанпарварлик туйғуларини янада оширгани шубҳасиз.

Ҳозирда Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасаларида бешта муҳим ташаббус доирасида спорт, мусиқа тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди. 100 га яқин китобхонлик тадбирлари ўтказилди.

Ҳарбий хизматчиларнинг оилаларини иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 200 га яқин ҳарбийларнинг оилалари янги иш жойларига эга бўлди. Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида жойлашган ҳарбий қисмларда ташкил этилган компьютер, спорт ва мусиқа тўгаракларида 400 га яқин ўғил-қизлар қамраб олинган. Андижон гарнизонида фаолияти йўлга қўйилган тикув цехи 10 га яқин ҳарбий хизматчиларнинг оилалари бандлигини таъминлади.

Мудофаа вазирлиги тизимида олиб борилаётган ишлар  юртимиз келажаги бўлган ўғил-қизларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан камол топишларига хизмат қилмоқда.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати