Термиз гарнизонида қўшинларнинг махсус ҳаракатларига бағишланган ҳарбий-илмий анжуман бўлиб ўтди

31

Кеча, 10 июнь куни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг Термиз гарнизонида “Қўшинларнинг махсус ҳаракатлари” мавзусида кўргазмали батальон тактик ўқувларининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

ЖҒМҲО қўмондонлиги раҳбарлигида назарий ва амалий қисмлардан иборат босқичларда ўтказилаётган ўқув бугун Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида “Батальон тактик ўқувига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш” номли ҳарбий-илмий анжуман билан бошланди.

Унда округ тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасаларнинг командир ва бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, ДХХ чегара қўшинлари, ИИВ, ФВВ ва Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқарма ва бўлинмалари, шунингдек, Ўзбекистон Қуролли Кучлар академияси профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Бугун дунёнинг айрим минтақаларида қуролли тўқнашувлар давом этиб, таҳликали вазият сақланиб қолаётгани, пайдо бўлиши мумкин бўлган таҳдид ва хатарларни бартараф этишга, уларга қақшатқич зарба беришга қодир бўлинмаларни тайёрлаш, қўшинлар жанговар шайлигини ошириш ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорликда ҳаракатланиш кўникмасини мустаҳкамлаш ўқувнинг асосий мақсади этиб белгиланган.

Иштирокчилар эътиборига анжуман давомида дунё ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият, тактик ўқувларни ташкил этишда қўйиладиган талаблар, жумладан, зарур ҳужжатларни ишлаб чиқиш, жалб этиладиган куч ва воситалар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар, қўриқлаш ва таъминотни ташкил этиш, алоқа ва бошқа куч тузилмалари билан ҳамкорлик, шунингдек, хорижий давлатларнинг ҳарбий соҳада тўплаган тажрибалари қиёсий таҳлилига оид маълумотлар йўлланди.

Анжуман якунида Термиз гарнизони Маданият маркази ҳамда маҳаллий санъаткорлар томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати