Сув остида танклар: Чирчиқда курсантлар танклар ёрдамида сув остида ҳаркатланиш машқларини бажаришди

22

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари жанговар машиналарни ҳайдаш фани доирасида навбатдаги мураккаб амалий машғулотларни ўзлаштирди.

Билим юрти дала ўқув майдонида зирҳли техникаларнинг кечувдан ўтиш ва сув остида ҳаракатланиш кўникмаларини мустаҳкамалашга ихтисослашган машқ нуқтаси жойлашган.

Аввалига ғаввослар гуруҳи машқ бажариладиган сув ҳавзаси тубини кўрикдан ўтказишди. Кечувдан ўтишдан олдин зирҳли техниканинг созлиги ва экипажнинг машғулотни бажариш учун жисмоний ҳолати ва руҳий тайёргарлиги текширилди.

Бўлажак офицерлар Т-62 танкида кечувдан ўтиш, сув остида ҳаракатланиш машқини бажарди. Шунингдек, пиёдалар жанговар машиналарида сув юзасида сузиб ўтишни ўзлаштирди. Ушбу ўқув амалиёти зирҳли техникани сувда бошқаришдан ташқари танк экипажининг уюшқоқлик билан ҳаракат қилиши ва руҳий тайёргарлигини мустаҳкамлайди. Яъни уларда мураккаб шароитларга тушиб қолганда тўғри йўл тутиш кўникмаларини шакллантиради.

Танкнинг сувга тушишдан олдин йўналишни тўғри олиши машқни мувафаққиятли якунлашда муҳим ўрин тутади. Машғулот тартибига кўра зирҳли техника кечувга секин туширилади ва сувдан чиққач, юқори тезликда ҳайдаб кетилиши керак. Машқларнинг тўғри ва аниқ бажарилишини машғулот раҳбарлари кузатиб борди. Кун давомида машқлар режада белгиланганидек муваффақиятли бажарилди.

Шунингдек шу кунининг ўзида БМП-2 пиёдалар жанговар машинасида ҳам сув юзасида сузиб ўтиш машқлари ўзлаштирилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати