​Қашқадарёда «Жануб юлдузлари» номли фестиваль ўтказилди

1

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондонлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ёшлар учун «Жануб юлдузлари» номли спорт фестивали ўтказилди.

Ушбу фестивалда вилоят ҳокимлиги, ЖҒМҲО вакиллари ҳамда иштирокчиларнинг ота-оналари иштирок этди. 30 га яқин жамоадан иборат бўлган вилоят ёшлари оммавий спортнинг турли йўналишлари, хусусан, каратэ ва бадиий гимнастика бўйича ўз маҳоратларини намойиш этди.

Тадбир якунида ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, Марказий ҳарбий округига қарашли Бахмал туманидаги ҳарбий қисмлардан бирида ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан «Ҳарбий қисм — жиноятдан ҳоли ҳудуд» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Жиззах вилояти Ёшлар иттифоқи кенгашининг оилалар билан ишлаш бўйича етакчиси Ойдина Эгамқулова, психолог Хуршида Ҳайиталиева, вилоят мусиқали драма театри актёри Сарвар Рустамов иштирок этган тадбирда жиноятчиликнинг оилаларда юзага келиши мумкин бўлган зиддиятли вазиятларнинг олдини олиш ҳақида маърузалар ўқилди.

Бундан ташқари тадбир давомида психологик тренинг ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ўртасида волейбол мусобақаси ўтказилди. Мусобақа якунида иштирокчиларга бадиий китоблар ва эсдалик совғалари улашилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати