Қуролли Кучлар академияси ҳузурида илмий даража бериш ёпиқ кенгаши тузилди

1

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ҳузурида «Ҳарбий фанлар бўйича фалсафа доктори” (PhD) илмий даражасини берувчи ёпиқ илмий кенгаш тузилди.

Шунингдек, яқин вақтлар ичида таянч докторантурада ўқиш учун квоталар сонини 8 тадан 15 тагача оширилиши режалаштирилган. Академиянинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида докторантларни хорижий давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасаларида ва илмий тадқиқот марказларида диссертация ишларини ёзиши ва ҳимоя қилиш имкони пайдо бўлади.

Таъкидлаш керакки, жорий йил академияда мустақил изланувчи сифатида расмийлаштирилиши учун эса жами 60 нафар ўқитувчилар ҳужжат топширган. Улар билан ихтисослик бўйича суҳбат ўтказилади ва суҳбат натижалари асосида қабул қилиниб, мутахассислик бўйича тегишли кафедраларга бириктирилади.

2018 йилда академияда тўрт нафар офицер докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, «Ҳарбий фанлар доктори» илмий даражасига сазовор бўлди. Илмий-услубий фаолиятларидаги юқори натижаларни инобатга олган ҳолда академиянинг икки нафар илмий ходимларига «Профессор» илмий унвони, етти нафар офицерга «Доцент» унвони берилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати