Ўзбек давлат академик халқ чолғулари оркестри Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида концерт берди

2

Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” муносабати билан ҳарбий хизматчилар эътиборига Ўзбек давлат академик халқ чолғулари оркестри томонидан жонли ижродаги концерт дастури тақдим этилди.

Мароқли концерт давомида оркестр томонидан “Ўзбек халқ куйлари”, “Доира усуллари”, “Қиличбозлар рақси” каби қатор чиқишлар йиғилганларга бир олам маънавий завқ, руҳий қувват улашди.

“Очиқроқ гапирадиган бўлсак, бугунги ёшлар енгил мусиқаларни кўпроқ тинглашади. Бу эса уларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Бунга кимнидир айбдор санаш нотўғри. Замон шунақа. Ҳамманинг қўлида телефон, интернет бор. Нимани хоҳласа, шуни эшитади, кўради. Албатта, бунга қарши курашиш керак, керак бўлса мактабгача таълим муассасаларида ҳам дам олиш соатида миллий мусиқаларимизни қўйиш лозим. Шу маънода бугунги маънавий-маърифий тадбирнинг аҳамияти салмоқли бўлди”, – дейди подполковник Баҳром Зулфиқоров.

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойланган десантчилар ҳарбий қисмида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир давомида хизмати давомида сафдошларига ўрнак бўлиб келаётган 120 нафар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзо ҳарбий хизматчиларига Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг “Кўкрак нишони” тантанали равишда топширилди ва ҳарбий хизматчиларни билим савиясини ошириш, китоб мутоаласига бўлган қизиқишини орттириш мақсадида кенгаш томонидан 100 дона бадиий китоблар совға қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий қисмларида ташкил этилган бошланғич ташкилотлар етакчиларининг фаоллигини ошириш мақсадида илк маротаба Тошкент ҳарбий округи ҳарбий қисмларида ташкил этилган “Энг намунали бошланғич ташкилот етакчиси” кўрик таловида ҳам “десантчилар”нинг бошланғич ташкилот хонаси ҳарбий округ миқёсида фахрли биринчи ўринни қўлга киритди ҳамда округ қўшинлари қўмондонининг кўчма кубоги билан тақдирланди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати