Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий госпиталларга хориждан кўплаб замонавий ускуналар харид қилинди

2

Ҳарбий хизматчиларнинг соғлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш, беморларга тиббий муолажа кўрсатиш, даволаш ва соғломлаштириш жараёнларини замон талабларига мос тарзда олиб бориш мақсадида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан янги техника ва ускуналарни харид қилинди. Жумладан, ҳарбий-тиббиёт муассасаларининг инфратузилмасини янада ривожлантириш ва моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида хориждан тиббий ускуналар олиб келинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгашининг ҳарбий-маъмурий сектори томонидан ушбу йўналишда 3 млрд. сўм ажратилиб, Нукус ҳарбий госпитали ҳудудида юқумли касалликлар бўлинмаси ва бошқармаси янгидан барпо этилиб, барча жиҳозлар билан таъминланди.

Марказий ҳарбий округида эса Мудофаа вазирлиги маблағлари ҳисобидан Фориш тоғ дала ўқув майдонида жойлашган ҳарбий қисм тиббиёт пункти янгидан қурилди ва зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Шарқий ҳарбий округидаги ҳарбий қисм тиббиёт пункти Наманган вилояти ҳарбий-маъмурий сектор томонидан таъмирланди. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги маблағлари ҳисобидан Фарғона ҳарбий госпитали юқумли ва тери-таносил касалликлари бўлимлари, поликлиника, ошхона, дорихона, озиқ-овқат ва кийим-кечак омборлари капитал таъмирланиб, жиҳозланди.

Тошкент ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисм тиббиёт пунктида жорий таъмирлаш ишлари ўтказилди. Марказий ҳарбий клиник госпитали ҳудудида замонавий кўп тармоқли клиника қурилиши бошланди. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи ҳарбий қисм тиббиёт пункти Қашқадарё вилояти ҳарбий-маъмурий сектори томонидан тўлиқ капитал таъмирланди ва жиҳозланди.

– Хориждан харид қилинган тиббиёт ускуналари орасида замонавий видеоэндоскоп жамланмаси Марказий ҳарбий клиник госпиталига ўрнатилилган бўлса, 3 комплект кичик дозали рақамли флюорограф, рентгенлоскопия ва ренгенография аппаратлари Марказий ҳарбий клиник госпитали ҳамда Термиз ва Фарғона ҳарбий госпиталларига ўрнатилди. 2 донаультратовуш диагностик аппарати эса эндиликда Қарши ва Нукус ҳарбий госпиталларида беморларда касалликларнинг эрта ташҳислаш йўлида хизмат қиляпти, – дейди Мудофаа вазирлиги Тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи Носиржон Фозилов.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати