ҲАРБИЙЛАР ҚУРБОН ҲАЙИТИ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН 200 ДАН ЗИЁД МАНЗИЛЛИ ҲАЙРИЯ УЛАШДИ

14

Мусулмонлар томонидан нишонланадиган дунёдаги энг катта диний байрамлардан бири бўлмиш Қурбон ҳайити муносабати билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари ташаббуси кўрсатиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 200 нафардан зиёд ногирон, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ижтимоий ҳимояга муҳтож ватандошларимиз, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда фронт орти меҳнат фахрийлари, шунингдек миллий армиямиз тараққиётига ҳисса қўшган ҳарбий пенсионерлар ҳолидан хабар олишди.

“Соҳават карвон”ларининг манзилли ёрдами олис овул ва қишлоқларгача етиб борди. “Шундай улуғ кунларда халқимиз, давлатимиз эътиборидан ҳеч ким четда қолмайди,” деган эзгу ғояни таъминлаган ҳарбий хизматчилар байрам муносабати билан имкон қадар бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий гигиена воситалари ҳамда зарур дори-дармон воситаларини тарқатишди.

Ҳарбий либосдаги меҳмонларнинг ижобий ташаббусларидан руҳланган ёшу қари бирдек дуога қўл очиб, бугунги осуда ҳаётимиз, тинчлигу осойишталигимизга шукроналар келтиришди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати