“Мен ўзбекман, ўртоқ командир!”

982

Толеи йўқки, жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.

 Ўз ерни қўйиб ҳинд сори юзландим,

 Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

 

Асрлар ошса-да, Бобур чеккан фиғон ҳануз авлодлар дилида яшаб, гўзал тархий асарларга, кинофильмларга кўчиб, бардавом бўлиб келаётир. Айниқса, шох ва шоир бобомизнинг бутун ҳаётини, ҳарб юришларини, армон ва ҳижрон билан кечган умрини ифода этувчи “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” видеофильми халқимиз меҳрини қозониб, Олтин фонднинг энг дурдона меросига айланди. Бунда бош қаҳрамон ролини моҳирлик билан ижро этиб, элнинг олқишини олган санъаткор Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро “Бобур” мукофоти соҳиби Муҳаммадали Абдуқундузов бугун “Ташриф” саҳифамизнинг азиз меҳмони.

Ассалому алайкум. Бугун сиз билан ижодий фаолиятингиз билан бирга, ҳарбий хизмат даврингизни ҳам эсламоқчимиз. Чунки ўқувчиларимизга улуғ санъаткорнинг бир пайтлар армия сафидаги хизмат пайтлари жуда қизиқ.

– Суҳбатимиз мавзуси олис ёшлик йиллари, ундаги ҳарбий хизмат билан боғлиқлиги мени қувонтирди, – дейди суҳбатдошимиз. – Чунки қандай ўтган бўлмасин навқиронликни эслаш, кишига ҳузур бағишлайди. Бизнинг ёшлигимиздаги армия қийин паллаларга тўғри келган. Армияга боришга ҳар кимнинг ҳам юраги дов бермас, кўпчилик хизматга чап бериш юришга ҳаракат қилишарди. Мен ўқишни тугаллаб, театрда ишлаб юрган пайтларимда армияга чақирув қоғози келди. У пайтда Сурхондарёдаги театрда фаолият бошлагандим. Нима қилсам, экан? дея ўйландим. Оилалиман, фарзандим бор. Унинг устига мусофир ерга. Охири боришга қарор қилдим. 1976 йил Россиянинг Тула шаҳрига олиб кетишди. 10 соат поездда юриб, бир амаллаб етиб бордик. Совуқ, изғирин жондан ўтиб кетади. Турли миллат болалари, турфа хил атвор. Айниқса, ўрта осиёликларга нисбатан пастроқ назар билан қараш бор. Энг ёмони бутун хизмат давомида шафёрликками, чилангарликками ўқитиб, қурилиш боталёнларига жўнатиб юборишади. Аскар арзон иш кучи ҳисобланган ўшандай пайтда вазиятни кузатдиму, ўзбек ўғлонларининг ғурурини кўрсатиб қўйгим келди. Рус тилини яхши билардим. Ҳарбий қасамёд рус тилда айтиларди. Кўпчилик юртдошларимизнинг тили қовушмай кулги ҳам бўлишарди. Менинг навбатим келганда ўртага чиқдим-у, микрофонсиз баланд овозда баралла қасамёдни айта бошладим. Сафдаги аскарлар, кейин командирлар бир муддат жим бўлишди. Йиғиндан кейин командиримиз олдига чақириб, ким эканлигимни, қаерданлигимни суриштирди. “Ўзбекман, ўртоқ командир!” дедим, кулиб қўйди. Сўнг “Молодец!” дея 25 кун уйимга таътил берди.

Хизматни шундай давом эттирдим. 6-разрядли экскаваторчи бўлдим (ҳозир ҳам экскаватор рулини беришса яхши ҳайдовчи бўлсам керак). Санъаткорлигим учун ҳарбий қисмнинг маънавий-маърифий тадбирларига бош-қош бўлдим. Мусофир юртда энг қийнаган нарса бу соғинч эди. Ватанимни, оиламни жуда соғинардим. Ишонсангиз, хизмат давомида келинойингизга оз эмас, 600 та хат юборибман. Соғинчли мактублар-да энди, бу. Ҳали ҳам бу дилномаларни сақлаймиз.

Мана, мустақил бўлдик. Биринчи Президентимиз томонидан қилинган энг эзгу ва муҳим вазифалардан бири ўз армиямизни тиклаш, чегараларимизни мустаҳкамлаш бўлди. Замонавий техникалар билан таъминлаш, олий ҳарбий билим юртларини барпо этиш буларнинг бари босқичма-босқич амалга оширилди ва ниҳоят Ўзбекистоннинг қудратли Қуролли Кучлари юзага келди. Бу йўлда жуда кўп инсонларнинг, чунончи генераллардан тортиб аскаргача катта меҳнати ва фидойилиги бор.

– Муҳаммадали ака, сиз яратган образлар ичида Бобур Мирзо роли алоҳида аҳамият касб этади. Буюк саркарда, шу билан бирга кўнгил одами бўлмиш шоир образини яратишда сизга нима куч берди?

– Чиндан ҳам, Бобур йирик давлат арбоби, маърифатпарвар, кучли зеҳн ва идрок соҳиби бўлган. Бу образни яратишимда тинимсиз меҳнат ва изланишларим, қолаверса улуғлар руҳи мададкор бўлган деб ўйлайман.

Ўз вақтида Бобур Мирзо ўз юртини қўйиб Ҳинд сори юзланганда, ҳиндларнинг 100 минг кишилик лашкарини ўзининг 10 минг кишилик қўшини билан енган. Бу Генниснинг Рекордлар китобига ҳам киритилган. Европада чиққан дунёнинг 100 та буюк саркардаси ҳақидаги китобга биздан Соҳибқирон Амир Темур ва Мирзо Бобур киритилган. Бу бежиз эмас. Яъни, темурийлар авлоди бўлмиш Бобур харб илмида ҳам улуғ аждодларига муносиб авлод бўлган. Унинг чин инсоний фазилатлар эгаси эканлиги ҳам тахсинга лойиқ. Бир мисол. Самарқанд Шайбонийлар томонидан қамал этилган, халқ оч, қўшин ночор бир умидсиз пайтда Бобур шаҳардаги китоб дўконига кириб қолади. Бир-биридан бежирим муқовали, мазмундор китобларни саралаб олаётганида жаноб Қосимбек, нима деярини билмай минг ҳижолатда: “Подшоҳи олам, ўзимиз билан хазинабонни олмаган эдик-да…” дейди секингина. Илкидаги асарга маҳлиё бўлиб турган шоҳ, аста вазирига қайрилади-да, “Яхши, мен танлаб, саралаб қўяман, кейин келиб олиб кетсинлар” дейди. Қаранг, танг аҳволда ҳам мулозимларини, халқнинг ризиқини қиймасликни ўйлашликни. Яна қўшимча қилади-ки: “Жаноб Қосимбек, айтингиз китобдорга битта қўй ҳамда икки қоп ун олиб келиб берсинлар. Зеро, у қийналиб қолмасун” дейди. Бобурнинг бошқа дўкондорлардан кўра, айнан китоб сотувчи, зиё тарқатувчи савдогарни ўйлаб қилган иши қанчалик таҳсинга лойиқ. Бундай мисоллар жуда кўп унинг ҳаётида.

Бугун мамлакатимиз Президенти томонидан китобхонлик, унинг мутолааси, чоп этилиш борасида қилинаётган ишлари ҳам аждодларнинг улуғ йўлини давом эттириш, деб биламан. Ҳарбий қисмларга борганимизда уларнинг кутубхоналарига албатта кираман. У ерда тарихий асарлар, жумладан, “Бобурнома” албатта бўлади. Бобур ҳаёти ва фаолиятини бизга етказишда ёзувчи Пиримқул Қодировнинг заҳматлари жуда кўп. Ҳарбий хизматчилар билан китоб ҳақида, Бобур шахсияти ҳақида фикрлашаман. Улар тарихга жуда қизиқади. Ўтмишини билган инсон, бугунги озодлик, тинчликни қандай машаққатлар эвазига, жангу жадаллар эвазига қўлга киритилганига гувоҳ бўлади, албатта.

Мен айни дам Ватан осойишталиги ва фаравонлигини ўйлаб, туну кун хизмат қилаётган, юраги бедор, ўзи эса албқомат юрт ҳимоячиларини яқинлашиб келаётган Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбдан муборакбод этаман. Илоҳим, Яратган сизга куч-қувват берсин, буюк аждодлар руҳи мададкор бўлсин!

Наргиза АСАДОВА, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти